Жамият ҳақида

“Ўзбекистон муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгалари” жамоат бирлашмаси – Ўзбекистон муаллифлари, композиторлари, ижрочилари, фонограмма ишлаб чиқарувчилари ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқариш бўйича нодавлат нотижорат ташкилоти. 

Жамиятнинг асосий вазифалари асарлар ва фонограммалардан фойдаланишнинг ҳар хил турлари ва усуллари учун мукофот маблағларини тўплаш, тақсимлаш ва тўлаб бериш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ва барча хорижий мамлакатлар ҳудудида Ўзбекистон ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини тақдим этиш.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий бошқариш ваколатлари ҳуқуқ эгалари томонидан эркин, бевосита ва ёзма шартнома, шунингдек тегишли шартномалар асосида мулкий ҳуқуқларни бошқаришни амалга оширувчи бошқа (жумладан хорижий) ташкилотларга берилади.

Муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси шартнома асосида ўзининг мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш ваколатларини Жамиятга бериш ҳуқуқига эга, Жамият эса мазкур ҳуқуқларни жамоавий бошқаришни ўз зиммасига олиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги” Қонунига мувофиқ, муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси ўз мулкий ҳуқуқ ёки ҳуқуқларини бошқариш ваколатларини ҳуқуқ эгаларининг тегишли категориясига мос равишда мулкий ҳуқуқларни жамоавий бошқарувчи Жамиятга бериши ҳуқуқига эга.

Жамият муаллиф ва ҳуқуқ эгалари томонидан берилган ваколатлар асосида асарлар ва турдош ҳуқуқ объектларидан фойдаланиш учун фойдаланувчи билан шартномалар тузади. Фойдаланиладиган асарларнинг тури, ҳажми ва турдош ҳуқуқларнинг объектларидан келиб чиққан ҳолда, бир хил категориядаги барча фойдаланувчилар учун белгиланадиган шартнома шартларининг бир хиллигини белгилайди. Жамият етарлича асослар бўлмаган ҳолатларда фойдаланувчи билан шартнома тузишни рад қилишга ҳақли эмас. Мазкур шартномалар асосида асарлар ва турдош ҳуқуқ объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ эгаларининг фойдаланувчиларга нисбатан келиб чиқиши мумкин бўлган мулкий даъволари мулкий ҳуқуқни жамоавий бошқариш бўйича шартнома тузилган ташкилот томонидан ҳал этилиши лозим. 

Жамият муаллиф ва ҳуқуқ эгаларига фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда турдош ҳуқуқларни индивидуал фойдаланишга ҳуқуқларни топширишда муаллиф ва бошқа ҳуқуқ эгаларига кўмаклашади.